Аллоҳ таоло айтади: “..Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди..”. (Бақара сураси, 185-оят)
“Аллоҳ (буюрган Шариат қонунлари билан) сизлардан (юкингизни) енгиллатишни истайди. (Зотан), инсон ожиз қилиб яратилгандир”. (Нисо сураси, 28-оят)
“..Аллоҳ сизларни бирон танглик машаққатга солмоқни истамайди...”. (Моида сураси, 6-оят)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Динингларнинг яхшиси унинг енгилидир”. “Аллоҳ таолога динларнинг энг яхшиси тўғри ва кенг бўлганидир”.
Оиша розияллоҳу анҳо айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга икки иш рўпара келса агар гуноҳ бўлмаса, ўша икки ишнинг енгилини олар эдилар. Агар гуноҳ бўлса одамларни ундан қайтарар эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Албатта Аллоҳ таоло Ўзи қайтарган ишларнинг қилинишини қандай ёмон кўрса, рухсат берган нарсаларининг қилинишини шундай яхши кўради”.
Демак, бу билан муҳтожлик сезилганда, заифлик, касаллик, қарилик, машаққат, қийинчилик пайтида рухсат борлиги, енгилини танлашлик мумкинлиги аниқ бўлади.
Жобир ибн Абдуллоҳ айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарда чоғларида тиқилинч ичида бир кишини бошига соябон қўйиб кетаётганини кўрдилар. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам: “У ким?” деб сўрадилар. Одамлар: У Рўзадор, дейишди. Шундау зот: “Сафарда рўза тутишлик яхшилик эмас”, дедилар. Яъни, мана шундай машаққатли сафарни назарда тутдилар.
Аммо сафар машаққатли бўлмаса рўза тутиш жоиздир. Бунга далил Оиша розияллоху анҳо ривоят қилган ҳадисдир: Ҳамза ибн Амр ал-Асламий Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламдан сўради: Сафарда рўза тутаверайми? У киши кўп рўза тутар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Истасанг тутгин, истамасанг тутма”, дедилар.
Халифа Умар ибн Абдул Азиз мусофир одам рўза тутиши ёки тутмаслиги ҳақида айтади: Уламолар қайси бири афзал дейишади. Бирлари қайси бири енгил бўлса ўша афзал дейдилар ва бу тўғри сўздир. Чунки баъзилар одамлар рўзадор бўлмаган пайтида у рўзасининг қазосини тутиб юргандан кўра ҳамма қатори рўза тутиши енгилроқ бўлса, баъзиларга бунинг акси енгил бўлади. Демак, енгили унинг учун афзалдир.
Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам рўзадорга енгил бўлиши учун ифторни тезлатиб, саҳарликни кечиктиришга чақирганлар.
Кўпинча олимларимиз баъзи ҳукмларда турлича назар қилганларини кўрамиз. Улар одамларга енгилроғини танлаганлар, хусусан, муомала бобида шундай. Улардан шу иборалар машҳур бўлган: Бу сўз одамларга енгилроқдир.
Шунинг учун мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларига эргашган ҳолда фатвода енгиллик йўлини, даъватда тарғибот йўлини танладим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Мусо ва Муозни Яманга жўнатаётиб уларга васият қилдилар: “Енгил қилинглар, оғир қилманглар, тарғиб қилинглар, қочирманглар, бир-бирларингга бўйинсунинглар”.
Анас ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: “Осон қилинглар, қийин қилманглар, тарғиб қилинглар, қочирманглар”.
Мажлисларнинг бирида саволларга жавоб бериш чоғида шуларни айтдим: Агар шаръий масъалада олдимда бир-бирига тенг, бир-бирига яқин бўлган икки сўз рўпара келса-ю, бири эҳтиётроқ, бири енгилроқ бўлса, мен умумий одамларга ўша енгилроғини олишга фатво берар эдим, дедим. Ўша ердаги биродарларимиздан бири менга: Енгилроғини эҳтиётроғидан оғир санашга қандай далилингиз бор, деб сўради. Мен: Далилим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларидир. У зот икки ишга рўпара келсалар, уларнинг енгилроғини танлар эдилар. Яна у зот жамоат намозларида заифлар, катта ёшлилар, муҳтожлар бўлганлиги сабаб имомлар намозларини енгил ўқишларини буюрганлар, дедим.
Олим азм-қарорга эга бўлган тақводорларга ишнинг эҳтиётроғини олишни фатво берса, умумий инсонларга енгилроғини олишга буюради.
Бизнинг асримиз одамлари, хусусан янги Исломга кирган, янги тавба қилганлар енгилликни ёйишликка, уларни қочириш ўрнига тарғиб қилишликка муҳтождирлар.
Бу нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Исломга кирган инсонга Ислом таълимотини беришдаги йўналишларида яна ҳам очиқ кўринади. У зот у кимсага вожиботларни кўпайтирмас, унга амр, наҳийларни кўпайтириб, уни қийнамас эдилар. Агар у зотдан бирортаси Ислом ҳақида сўраса, унга асосий фарзларни ўргатиш билан чекланар, унга нафлларни ҳам ўргатмас эди. Ўша сўраган киши у зотга: Мана айтганларингиздан камайтирмайман ҳам, ундан зиёда ҳам қилмайман, деганида у зот: “Агар рост айтаётган бўлса у нажот топди”, бошқа ривоятда: “Агар рост айтаётган бўлса у жаннатга киради”, дедилар.
Яна у зот одамларга қаттиқлик қилган, уларнинг шароитларини риоя қилмаганларнинг ишларини ёқтирмаганларини ҳам биламиз. Бир киши одамларга имомлик қилганда узоқ ўқигани сабабли жамоат у одам ҳақида шикоят қилганларида ўша имомга танбеҳ берганлар. У зот Муознинг одамларга узоқ намоз ўқиганини кўриб унга уч бора: “Эй Муоз, сен фитначимисан?”, дедилар.
Абу Масъуд ал-Ансорийдан ривоят қилинади: Бир киши: Ё Расулуллоҳ, мен фалончи намозни узоқ ўқиганлиги учун бомдод намозига жамоатга кечикиб чиқаман, деди. Мен бирор мавъизада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шу кундан ҳам кўра қаттиқроқ ғазабланганларини кўрмадим. У зот айтдилар: “Сизларнинг ичингизда одамларни жамоатдан қочирадиганлари бор экан. Кимингиз одамларга имом бўлса намозини қисқа қилсин, чунки жамоатда заифлар, катта ёшлилар, ҳожат эгалари бўлади”.
Баъзи ривоятларда айтилишича, ана шу одамлар билан узоқ намоз ўқиган саҳоба Убай ибн Каъб бўлиб, у зот илм, фазилатга эга эди. Ҳамда у зот Қуръонни жамлаганлардан бири эди. Лекин бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам танбеҳ беришларига монеъ бўла олмади. Худди Муозта танбеҳ бергани каби, ваҳоланки, у зот Муозни севар, уни мақтар эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ходими ва саҳобаси бўлган Анас айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам кўра бирор имомнинг ортида комил ва енгил намоз ўқимадим. У зот намоз пайтида гўдакнинг йиғисини эшитиб қолсалар, гўдакнинг онаси чалғимаслиги учун намозни енгиллатар эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мен намоз бошлар эканман, уни узун ўқишни истайман. Агар намоз орасида гўдакнинг йиғи овозини эшитиб қолсам, унинг йиғисидан онаси қаттиқ тўлқинланишини билганим сабабли намозимни қисқа қиламан”.
Абу Ҳурайра Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Бировинглар одамларга имом бўлса енгил ўқисин, чунки уларнинг орасида касал, заиф, қарилар бўлади. Агар ўзи ёлғиз ўқиса истаганича узун ўқийверсин”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир йўналишни пайдо қилиб, ўткинчи, шахсий туйғугина бўлмай, жамоат уни ўзларига йўл тутиб олишига сабаб бўлган қаттиқликни инкор қилганлар. Бу нарсани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч кишини инкор қилганларида кўришимиз мумкинки, улар гарчи яхшиликни, Аллоҳга яна ҳам яқинроқ бўлишни истаган бўлсалар ҳам, лекин улар Аллоҳга ибодат қилишликда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чизган чизиқларидан бошқа чизиқдан юрдилар.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Уч киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларидан бирининг уйига келишиб, у зотнинг аёлларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатлари ҳақида сўрашди. Айтилгач, улар у зотнинг ибодатларини оз санашиб: Бизлар қаерда-ю, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қаердалар. У зотнинг аввалу охир гуноҳлари кечирилган, дейишди ва биринчиси: Энди мен доимо тун бўйи намоз ўқийман, деди. Иккинчиси: Энди мен фақат рўза тутаман, оғиз очмайман, деди. Учинчиси: Мен аёллардан четланаман, ҳеч қачон уйланмайман, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдига келиб: “Сизлар шундай-шундай деб айтдингларми? Аллоҳ номига қасамки, мен сизлардан кўра Аллоҳдан қўрқувчироқ, тақводорроқман, лекин мен рўза ҳам тутаман, тутмайман ҳам. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам. Аёлларга ҳам уйланаман. Ким менинг суннатимдан четланса у мендан эмасдир”, дедилар.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “(Қаттиқлик қилиниши керак бўлмаган ўринларда ҳам қаттиқлик қилиб) чуқур кетганлар ҳалок бўлдилар”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Албатта, дин енгилликдир. Дин борасида қаттиқлик қилганни дин мағлуб қилар. Бас, тўғри бўлинглар, яқин қилинглар, хурсанд қилинглар, эрта-ю кеч ва кечанинг охирги қисмида ёрдам сўранглар”. Бухорий ривояти. Яна у зотнинг ривоятида келади: “Тўғри қилинглар, яқин қилинглар, эрталаб, кечқурун, кечанинг охирги қисмида қиладиган ибодатларингизда ўртача бўлинглар, мақсадга етасизлар”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Дин уни мағлуб қилади”, деган сўзларининг маъноси, ана шу қаттиқлик қиладиган кимса дин билан курашиб мағлуб бўлади, чунки диннинг йўллари - ибодатлари кўпдир. Ҳадисда “ғадва” сўзи кундузнинг аввалидаги сайрни билдирса, “равҳа” сўзи кундузнинг охиридаги сайрни англатади. “Дулжа” эса туннинг охири маъносидадир. Бу энди ўхшатиш бўлди. Яъни бунинг маъноси: Аллоҳ азза ва жаллага тоат қилишда ғайратга тўлган ва қалбинглар бўш бўлган вақтда амаллар билан ёрдам олинглар. Шунда сизлар ибодатдан лаззат оласизлар, ундан зерикмайсизлар, мақсадингларга ҳам етасизлар, деганидир. Бу худди моҳир мусофирнинг маълум вақтларда сайр қилиб, бошқа вақтларда ўзи ҳам, улови ҳам дам олгани ка-бидирки, ўшандагина у мақсадига машаққатсиз етади.
Юсуф Қаразовийнинг
"Амалларнинг мартабаларини англаш" (Фиқҳул авлавийёт) китобидан
Заҳириддин Мансур таржимаси